Корхона тадбиркорлик фаоллиги кўрсаткичлари тизими
Олиб борилган тадқиқотлар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилаетганига қарамасдан, яратилган имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаетган жиҳатлар мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекистон аҳолисининг ҳар 1000 нафарига 16,2 бирлик кичик бизнес корхонаси тўғри келса, Европа Иттифоқи давлатларида аҳолининг ҳар 1000 нафарига 37-46 бирлик кичик корхона тўғри келади. Демак, республикамизда корхоналар сонининг ўсишига қарамай, ҳали уларнинг тараққий этган мамлакатлар даражасига етмаганлигини кўриш мумкин.
Кичик бизнес субъектларини тармоқ таркибидаги улушида ўзгариш юз бермоқда. кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларга бир қатор солиқ ва кредит имтиёзларининг берилиши ушбу соҳанинг янада ривожланишига имкон яратди.
2009 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 50 фоизга ошиб, 1 трлн. 852 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу кредитларнинг 322,1 млрд. сўми кичик бизнес субъектларига ажратилган микрокредитлар бўлиб, бу кўрсаткич 2008 йилга нисбатан 1,6 бараварга кўпдир.
Фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг сони 2009 йилда 16,3 мингтага ўсиб, 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 196,5 мингтага етиб, улар томонидан ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 50 фоизи ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай натижа, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланаётганининг самарасидир. 2009 йилда кичик саноат корхоналари учун ягона солиқ тўлови 8 фоиздан 7 фоизгача пасайтирилди, якка тадбиркорлар учун эса қайд этилган солиқ миқдори ўртача 1,3 баробар камайтирилди.
Шунингдек, кичик бизнес соҳасида аҳоли бандлигини янада ошириш борасида аҳамиятга молик ишлар бажарилди. Жумладан, 2009 йилда кичик бизнесда иш билан банд бўлганларнинг жами иш билан банд бўлган аҳоли таркибидаги улуши 74,8 фоизга етди.
Шу боис, кичик бизнесни ривожлантиришнинг мақсадли ҳудудий дастурини минтақа хусусиятига мос равишда ишлаб чиқиш ва унда йирик корхоналар билан кичик бизнес субъектларининг ўзаро интеграциясига эришишда йирик саноат корхоналари таркибида кичик бизнес субъектларини ташкил этишни режалаштириш мақсадга мувофиқдир.
Фаолият кўрсатаетган кичик бизнес субъектларининг ҳолати ва истиқболларини аниқ баҳолашда анкета-сўровнома маълумотлари муҳим ахборот манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Кичик бизнес фаолиятини ривожлантириш ва унинг фаоллигини оширишни омилли баҳолаш бўйича сўровнома ўтказилди. Тадқиқотнинг асосий вазифалари кичик бизнес субъектлари фаолиятини ривожлантиришга таъсир этувчи омилларни, аҳолининг тадбиркорликка бўлган мойиллиги ва қарашларини аниқлаш ва маълумотлар орқали таҳлил қилиш асосида кичик бизнеснинг тадбиркорлик фаоллигини янада ривожлантириш учун истиқболли режалар тузишдан иборатдир.
Кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, келгусида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган еки айни пайитда тадбиркорлик билан бевосита шуғулланаетган сиртқи бўлим талабалари ўртасида танлама-кузатув асосида сўровнома ўтказилди. Жумладан, сўровномадаги «Сизнингча, тадбиркорлик, қандай тавсифланади?», – деган саволга берилган жавоблар вариантлари таҳлилига кўра, кичик корхона раҳбарлари томонидан қўшимча маблағ топиш (40%), фермер хўжаликлари раҳбарлари бойликка интилиш (54%), деб тафсифлайдилар.
Тадбиркорликнинг бойлик жамғариш мақсадида тижорий фаолият сифатида баҳоланиши юқори кўрсаткични ташкил этган. Замонавий тадбиркорликнинг ҳаракати фақат иқтисодий мақсадлар билан чегараланмайди ва жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдаги ўз ҳиссаларини қўшиш жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.